​Фарзандларимизни эҳтиёт қилайлик

Собиқ Иттифоқнинг энг ривожланган охирги даврларида ҳам аксарият уйларда телевизор ва телефон йӯқ эди. Компьютер тӯғрисидаги маълумотлардан мактабда хабардор бӯлсак ҳам бирор уйда шахсий компьютер борлиги ҳақида эшитмаганмиз. Жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган XXI аср – янги технологиялар ва информациялар асрида, бугунги кунимизда бирор-бир хонадонни телевизор ёки телефонсиз тасаввур қилиб бӯлмайди. Барча хонадонда бӯлмаса ҳам аксарият уйларда компьютер ёки компьютернинг вазифаларини қисман бажарувчи планшет ва шунга ӯхшаш воситалар мавжуд.

Буларнинг барчаси Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон раҳбарлигидаги Ҳукуматимизнинг олиб бораётган тадбиркорона фаолиятлари натижасида қисқа вақт ичида аҳоли турмуш тарзининг ӯсганлиги боис халқимиз турмушига сингиб кетди.

Айни пайтда бирор-бир инсон бу воситаларсиз, хусусан, телефон ва интернетсиз ӯз ҳаётини деярли тасаввур қила олмайди.

Аммо, минг афсуски, таёқнинг икки учи бор деганларидек, ушбу воситаларнинг ҳам яхши, фойдали, ижобий томонлари билан бирга салбий томонлари ҳам борлиги ачинарлидир.

Дунёда ӯзларининг ғаразли мақсадларига эришишни истовчи бузуқ ниятли нусхалар бу воситалардан ӯз манфаатлари йӯлида фойдаланмоқдалар. Тӯғри йӯлдан озган, хато йӯлларга кириб қолган ва ӯз қилмишидан пушаймон бӯлган кӯплаб ёшлар, оилалар ҳукуматимиз раҳбариятининг қатъий саъйи-ҳаракатлари натижасида ӯз она юртларига қайтарилдилар. Аммо ҳали-ҳануз жонажон Ватанига кела олмаётган, хӯжалари қӯлида қул каби ишлаб пушаймон бӯлиб юрганлари қанча.

Террористлар ва экстремистларнинг интернетдан фаол фойдаланишлари бугунги кунда бутун дунё мамлакатларини ташвишга солмоқда.

Зеро, маълумотларга кӯра, айни замонда сайёрамиз аҳолисининг 4 миллиарддан кӯпроғи интернетдан фойдаланади. 2017 йилнинг ӯзида 250 миллион киши интернетга уланган. Интернетдан фойдаланувчиларнинг кунига 6 соат вақти виртуал дунё учун сарфланиши аниқланган. Ҳар бир секундда 11та янги фойдаланувчи интернет тармоғига уланади.

2007 йилдан бери жаҳон интернет оламида 10 миллиондан ортиқ экстремистик характердаги электрон сайтлар қайдга олинган.

Шунинг учун фарзанди келажагини ӯйлаган ҳар бир ота-она боласининг қӯлига интернет тармоғига уланиши мумкин бӯлган телефон ёки компьютер олиб берар экан, албатта, келажакда фарзанд доғида куйиб қолмаслиги учун ӯғил ёки қизи ундан қандай фойдаланаётганлигини кузатиб бориши лозим.

Чунки, адашган ёшларнинг аксарияти айнан интернет воситасида террористларнинг алдовига учган ва уларнинг тузоғига илинган.

Азиз ва жонажон дилбандларимизни эҳтиёт қилайлик, азиз ота-оналар!

О. Абдуллаев, дотсент

МАРКАЗИ ИТТИЛООТ