​Қутқуга учмайлик!!!

Икки мамлакат Тожикистон ва Қирғизистон республикалари раҳбарлари учрашуви олдидан тожик-қирғиз чегарасида жанжал чиқариш учинчи томон кучлар томонидан ўйлаб топилган иғвогарона ҳаракат натижасидир. Марказий Осиё республикаларининг тинч қўшничилик сиёсати билан яшаши ташқи учинчи томон кучларга хуш келмаслиги аён ҳолатдир. Аммо Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг раҳбарлари бу иғвогарона хатти-ҳаракатни эътиборга олмай, дўстона учрашувни амалга оширишди.

Аммо шунга қарамай, бу икки давлат орасига нифоқ солишни истаганлар тинч ўтиргани йўқлиги 5-август кунида Овчи-қалъача(Тожикистон, Суғд вилояти) ва Мақсад(Қирғизистон, Баткен вилояти) қишлоқлари орасидаги тортишувда кўзга ташланди.

Бу икки қишлоқ орасидаги нейтрал ҳудудда яратилган футбол майдони овчи-қалъачалик ва мақсадликлар учун бир хил тинч қўшничилик спорт майдони бўлиб келган. Бу майдонда икки томон спорт ишқибозлари неча йиллардан буён футбол ўйнаб келишарди. Аммо кейинги йилларда айни шу нейтрал ҳудуд майдони ўринсиз баҳслар майдони бўлиб қолмоқда. Овчи-қалъачалик футбол ишқибозлари эзгу ниятлар билан ушбу майдонни ҳашар йўли билан ҳолатини яхшилаши ортидан мақсадликлар билан баҳслашиш келиб чиққан. Лекин икки томон раҳбарият воқеа содир бўлган жойга етиб келиб, масалани ижобий ҳал этиши оқибатида баҳслашиш якун топган.

Собиқ Иттифоқ давридан мустақилликкача ва ундан кейин ҳам тинч қўшничилик сиёсати Тожикистон ва Қирғизистон томонлари томонидан олқишланиб келган. Марказий Осиё республикалари тинч-тотув яшаши минтақанинг ҳам сиёсий барқарорлиги, ҳам иқтисодий тараққиёти гарови саналади. Шунинг учун ташқи кучлар қутқусига берилмай, минтақада тинчлик вафаровонлик учун курашиш икки томон аҳолисининг биринчи навбатда вазифасидир. Ўта кичик хусусий келишмовчиликлар билан ташқи душманларни хурсанд қилгунча, тинч, дўстона аҳилликда яшаб, фаровон турмуш кечириш икки давлат аҳолисининг асл мақсади бўлиб қолишига ишонамиз. Қирғизистон республикаси билан Тожикистон давлатининг дўстона муносабатларини ҳеч қандай ноўрин баҳсу мунозаралар буза олмайди. Чунки ҳар икки давлат раҳбарлари ва икки давлат аҳолиси ҳамиша тинчлик ва дўстлик тарафдори бўлган ва бўлиб қолади.

А. Раҳим

МАРКАЗИ ИТТИЛООТ