Миллат пешвоси паёмида дӯстлик ва миллий хавфсизлик масалалари

Абдукаримов Ж.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2018 йилнинг 26 декабрида Олий Мажлисга йӯллаган Паёмида Ӯзбекистон Республикаси билан муносабатлардаги мушкулликларнинг ҳал этилиши, биродарлик алоқаларининг тикланиши, бу дӯст мамлакат билан стратегик шерикликка эришиш йилнинг учинчи катта ютуғи сифатида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, дунёда бир-бирига яқин миллатлар кӯп. Бироқ тили бошқа-ю дили бир бӯлиб кетган икки халқнинг жипслиги борасида тожик билан ӯзбекка етадигани йӯқ.

Уларни кӯринишидан ажратиш мушкул. Либос, урф-одат бир хил. Бундай уйғунлик адабиётда ҳам яққол намоён бӯлади. тожик ва ӯзбек адабиёти бир муҳит, бир мезон, бир ғоявий-мафкуравий майдонда ривожланиб келган. Хусусан, XV асрда икки буюк зот – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий пир-муридлиги, устоз-шогирдлиги, ижодий ҳамкорлиги мисолида ӯзининг юксак даражасини намоён этди.

Тожик ва ӯзбек икки тилда сӯзлашувчи бир халқ, дейилиши бежиз эмас. Халқларимиз азалдан бир дарёдан сув ичган, бир-бирининг анъаналари, маданиятини бойитган. Бу муштараклик, айниқса, икки халқнинг мумтоз адабиётида яққол кӯринади. Улкан сӯз санъаткорлари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дӯстлиги, ижодий ҳамкорлиги бугунги кунда ҳам халқларимизнинг маданий-маънавий яқинлиги тимсоли бӯлиб хизмат қилмоқда.

Давлат бошлиғи Паёмида икки қӯшни мамлакатнинг яқинлашуви тарихий воқеа сифатида айтиб ӯтилган. Бундай баҳолаш икки миллатнинг асрлар давомида ҳосил бӯлган муносабатларидан ибтидо олади. Минтақавий алоқалар тизимида у ӯзига хос хусусиятга эга. Икки миллат, ҳақиқатдан ҳам, дунёқарашлар, анъаналар ва урфу одатлар умумийлигида катта қадриятларга эга. Сиёсий баёнотлар, ҳуқуқий меъёрлар ва амалий сиёсатда ифода топган яхши алоқаларнинг қайта тикланиши икки миллий мафаатларини баён этувчи ҳисобланади. Ишонч ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлайди. Миллатларимиз ва минтақа иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий соҳалари тараққиётига ҳисса қӯшади. Бундай биродарлик алоқалари, шубҳасиз, икки дӯст мамлакатга терроризму экстремизмнинг кундан кун- кучайиб бораётган таҳдидларига қарши туриш ҳамда биргаликда кураш олиб боришнинг самарали имкониятларини яратади [9].

Замонавий воқелик диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг салоҳияти сифат ва миқдор жиҳатидан жиддий ӯсганини кӯрсатмоқда. Бу ӯз навбатида терроризмнинг глобал хавфсизликка йӯналтирилган жиддий таҳдидга айланишига замин яратмоқда. Диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар глобаллашув жараёнлари ва йирик давлатлар орасидаги геосиёсий манфаатлар тӯқнашуви ҳамда фан-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда экстремизм ва терроризмга қарши кенг кӯламли кураш олиб борилаётган муҳитга мослашишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган диний-экстремистик ташкилотлар Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ӯтказишга уринмоқда. Қайд этилган ҳолатлар диний экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлигига таҳдиди, турли оқимларнинг ғаразли ғоя ва мақсадларини тегишли манбалар ва аниқ далилларга таянган ҳолда кӯрсатиб олиш зарурлигини кӯрсатмоқда.

Бу борада Ҳазрат Навоийнинг ижодиётига мурожаат қилишимиз, ӯтмишда ва ҳазирги кунда ҳам мавжуд бӯлган, нопок, разил инсонларнинг алс башарасини кӯриш ва англаш айни муддаодир. Машҳур мутафаккир Навоийнинг жамият ва инсонларни англаш борасидаги илгари сурган илғор ғоялари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

“Ҳайратул-аброр” ("Яхши кишиларнинг ҳайратланиши") Алишер Навоий “Хамса”сининг биринчи достони бӯлиб, 1483 йилда яратилган эди. Достон 3988 байтдан иборат бӯлиб, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган.

Навоий феодализмнинг маънавий юзини белгиловчи руҳонийлар, шайхларни сатира қамчиси остига олади. Бунинг мисоли риёкор шайхлар тӯғрисида ёзилган IV мақолотдир. Унда шоир эртаю кеч қий- чув зикр қилган руҳонийлар, шайхларни халқни алдовчи фирибгарлар, иккиюзламачилар сифатида тасвирлайди. Уларнинг халқни маънавий роҳат ва мукаммалликка бошлашларига ишонмайди [7, 109].

Навоийда риёкор дин намояндаларига нисбатан танқидий муносабат жуда эрта шаклланган бӯлиб, йигитлик пайтидаёқ у шайхлар танқидига бағишланган машҳур ғазаллар битган. Мазкур ғазалларда риёкор дин пешволари шахсига хос баъзи бир штрихлар ғазал жанри имкониятлари доирасида фош қилинган бӯлса, “Ҳайратул -аброр”да энди у ана шу гуруҳнинг типик образни тӯлалигича кӯрсатишга ҳаракат қилган [4, 71].

Шоир фирибгар шайхлар, золим тоифа вакилларининг хатти- ҳаракатларини фош этишда дидактик принципдан чекиниб, сатирик услубда қалам тебратади ва уларни нафрат билан шундай кулгили, шундай ҳаққоний тасвирлайдики бу китобхонга реал таъсир қилади. Мана шу сингари сатрларда Навоий шайхларнинг ички характерини, баъзан уларнинг портретини, уларнинг ишларини, нимага интилишини реал ҳаётда қандай бӯлса шундай тасвирлаб берган [8, 119- 120].

Мутахассисларнинг фикрича, Ҳазрат Навоийнинг ижодида танқид остига олинган кишиларнинг тӯғридан- тӯғри номи зикр этилмайди. Навоий асарларида танқид муайян бир реал, тарихий шахсга қаратилмай, умумлаштириб кӯрсатилади. Бундан ташқари ҳазратнинг танқиди шахсий муносабатлардан келиб чиқмасдан, шариат нуқтаи назаридан баҳо берилади.

“Ҳайрат-ул-аброр”нинг IV мақолоти муқаддимасида, ҳар бир ишида ёлғон, ӯзини кӯрсатиш, турган битгани сохталик бӯлган ва ӯзларини покдоман, авлиё қилиб кӯрсатмоқчи бӯлган риёкор шайхларга шундай баҳо берилади: “Риёйи хирқапӯшлар сулукидаким, ӯз қошларида хирқаи таблислариға ҳақиқий либос от дурур ва ҳақоиқу маорифлари авомға либосот... ” Мазмуни: “ Хирқа кийган риёкор шайхлар хусусидаким, уларнинг олдида ҳақиқий либос дегани ҳийла-найранг кийимидир, авом халққа ӯргатадиган ҳақиқат ва билимлари эса аҳмоқлик” [2, 248]. Сарлавҳанинг давомида бошқа мақолотлар каби икки тоифа ҳақида, риёдан либос кийган кишиларнинг тескариси бӯлган, иймонли, пок, ҳақ йӯлидаги кишиларга таъриф беради ва бу муносабат ӯқувчининг ҳақ ва ноҳақ, оқ ва қорани англашида жуда катта аҳамиятга эга.

Ҳазрат Навоий мақолотнинг дастлабки байтлариданоқ муқаддимада билдирилган фикрлар аниқ далиллар билан тасдиқлайди:

Эй бӯлубон санъат ила хирқа пӯш,

Шому саҳар зикр ила солиб хуруш [1, 59].

Мазмуни: Эй қаллоблик билан жанда кийиб олган шайх, шому саҳар зикр айтиб, ғавғо қиласан [2, 248]. Бу ерда “санъат” сӯзи сунъийлик маъносида ишлатилиб, ӯзига санъат билан зеб бериб, сохта зикр қилувчи ӯзининг нафси ва дунёвий мафаатларини қозонишга қаратилган зикрдир дейилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳазрат Навоий риёйи хирқапӯшларнинг ҳолатини, умумий тасвирини ҳаққоний бериш учун уларнинг бир неча бӯлакларга бӯлади. Энг аввал кӯзга қӯринадигани бу уларни хирқалари, яъни кийимлари, ундан кейин юз тузилишлари ва мана шу суратдаги кишиларнинг сохта, нопок ишларни қилаётган маконни тасвирлайди.

Хирқа уза баҳяки ҳар ён чекиб,

Зуҳду риё вусалаларидан тикиб.

Руқъаи даврий бу мураққаъда кӯп,

Барча дирам остиға тикмакка жуп [1, 59].

Жандангнинг ҳамма томонларига ямоқ қадалган, бу ямоқлар ҳаммаси сохта художӯйлик ва риё иплари билан тикилган. Айланма қуроқлар бу кийимингда кӯп бӯлиб, уларнинг остига пулларни беркитиб қӯйиш осон [2, 248].

Иплар анга риштаи талбис ӯлуб,

Игна анга сиблати иблис ӯлуб.

Азрақ узаким бӯлубон баҳясоз,

Анжуми наҳси фалаки нақшбоз.

Ушбу фалак узра ридо субҳи дам,

Субҳки, козиб анга бӯлмиш алам [1, 59].

Иблиснинг мӯйлаби эса игна вазифасини бажарган. Яшил тӯн устидаги ямоқлар найрангбоз фалакнинг наҳс юлдузларидир. Ушбу фалак ҳам шунинг учун эрталабдан ридо кияди, ёлғон тонг эса унинг байроғидир [2, 248].

Эски амомаки бӯлиб печ- печ,

Печдин ӯзга нима йӯқ анда ҳеч.

Қайси асо ҳийла уйига сутун,

Кош синибон ул, бу уй ӯлғай нигун. .[1, 59- 60].

Унинг эски салласи чулғанган бӯлиб, ичида эгриликдан бошқа ҳеч нарса йӯқ. Унинг ҳассасини ҳасса дема, ҳийла уйининг устуни де, қани энди шу устун синиб, бунақа уй ер билан яксон бӯлса. .[2, 249].

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам Навоий таъриф берган сохта, риёкор, ислом дини ниқоби остида хорижий хожалар, сиёсий ва моддий манфаатлари йӯлида фаъолият юритаётган разил кимсалар йӯқ эмас. Улар хорижий мамлакатларда туриб, ӯз ватанларига нисбатан ӯзларига ӯхшаган нопок инсонлар манфаатлари йӯлида асоссиз бӯҳтону маломатларни отишмоқда.

Бундай кимсаларнинг нопок ва сохта амалларига қарши курашиш, сиёсий зийракликни қӯлдан бермаслигимиз лозим. Бу йӯлда буюк мутафаккирларимиз, хусусан, ҳазрат Навоий меросига мурожаат қилишимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришимиз зарур.

Адабиёт:

  • Алишер Навоий. Хамса. Ҳайрат-ул- аброр.–Асарлар.–15 томлик.–6 том.–Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1965.–268 с.
  • Бертельс Е. Э. Навои.–М., 1948.–272 с.
  • Исҳоқов Ё. “Хамса”да бадиий психологизм типлари // Алишер Навоий Ҳамса” си (тадқиқотлар).–Тошкент: Фан, 1986.–144 с.
  • Навоий асарлари учун қисқача луғат.–Тошкент: Фан, 1993.–268 с.
  • Тожикистон Республикаси Президенти Паёми (Тожикистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати йӯналишлари тӯғрисида).–Душанбе, 2018.–25 с.
  • Шарафиддинов О. Алишер Навоий.–Тошкент, 1971.–190 с.
  • Ҳайитметов А. Навоийнинг ижодий методи масалалари.–Тошкент, 1963.–176 с.
  • Ятимов С. Миллат Пешвоси Паёми ва давлат тараққиёти масалалари/ Халқ овози.–2019.–31 январ.

МАРКАЗИ ИТТИЛООТ